Илмий кенгаш Ўзбекистонда илк бор диссертация ҳимоясисиз фан докторлик (DSc) илмий даражасини беришга тақдимнома киритди

3 Dec 2020

ЎзР ФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатига Ўзбекистонда биринчи марта диссертация ҳимоясисиз фан докторлик (DSc)илмий даражасини бериш бўйича 2 нафар номзодга тақдимнома киритди.

Илмий кенгаш аъзолари томонидан У.Б.Халиловнинг «Углерод наноструктураларининг молекуляр даражадаги селектив синтези» мавзусида 01.04.03 - молекуляр физика ва иссиқлик физикаси ихтисослиги бўйича фан докторлик (DSc) илмий даражасини диссертация ҳимоясиз олиш учун тайёрлаган иши “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 1-боб, 5-банди талабларига мувофиқлиги кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

У.Б.Халиловнинг докторлик иши мавзуси бўйича жами 12 та илмий мақолаларини импакт-фактори тегишли даражада ва ундан юқори бўлган ҳамда Web of Science халқаро тизимга кирган илмий журналларда чоп қилган. Чоп қилинган журналларнинг энг юқори импакт-фактори 20.95 (Account of Chemical Research, Web of Science тизими бўйича)ни ва энг кичик импакт-фактори эса 2.37 ((Journal of Physics D: Applied Physics, Web of Science тизими бўйича)ни ташкил қилади. Илмий ишлар чоп этилган журналларнинг умумий импакт-фактори 89.68 га ва ўртача импакт-фактори эса 7.47 га тенг. Талабгорнинг Скопус халқаро базасидаги Хирш индекси 12 га тенг ва унинг илмий ишларига халқаро илмий ҳамжамият томонидан (импакт фактори 2.32 – 54.30 бўлган журналларда) шу кунгача 380 марта ҳавола қилинган.

Институт ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш томонидан У.Б. Халилов тайёрлаган докторлик иши тақдимоти юқори баҳоланди ҳамда мавзу бўйича чоп қилинган илмий мақолалари ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАКнинг илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низомининг 1-боб, 5-банди талабларига тўлиқ мос келади деб топилиб, физика-математика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини бериш лойиқлиги ҳақидаги хулоса бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, Институт Илмий кенгаши аъзолари томонидан диссертация ҳимоясисиз фан докторлик (DSc) илмий даражасини олишга талабгор М.С.Юсуповнинг ҳам «Совуқ плазма билан биомолекулалар ўзаро таъсирининг молекуляр механизмлари» мавзусида 01.04.03 - Молекуляр физика ва иссиқлик физикаси ихтисослиги бўйича фан докторлик (DSc) илмий даражасини ҳимоясиз олиш учун тайёрлаган иши кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

М.С.Юсуповнинг докторлик иши мавзуси бўйича жами 23 та илмий мақолаларини импакт-фактори тегишли даражада ва ундан юқори бўлган ҳамда Web of Science халқаро тизимга кирган илмий журналларда чоп қилган. Чоп қилинган журналларнинг энг юқори импакт-фактори 7.79 (edox Biology, Web of Science тизими бўйича) ни ва энг кичик импакт-фактори эса 1.74 (Biophysical Chemistry, Web of Science тизими бўйича)ни ташкил қилади. Илмий ишлар чоп этилган журналларнинг умумий импакт-фактори 79.78 га ва ўртача импакт-фактори эса 3.47 га тенг. Талабгорнинг Skopus халқаро базасидаги Хирш индекси 13 га тенг ва унинг илмий ишларига халқаро илмий ҳамжамият томонидан (импакт фактори 1.79 – 54.30 бўлган журналларда) шу кунгача 511 марта ҳавола қилинган.

Институт ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш томонидан М.С.Юсупов докторлик иши тақдимоти юқори баҳоланди ҳамда докторлик иши мавзуси бўйича чоп қилинган илмий мақолалари ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАКнинг илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низомининг 1-боб, 5-банди талабларига тўлиқ мос келади деб топилиб, Молекуляр физика ва иссиқлик физикаси ихтисослиги бўйича физика-математика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини бериш лойиқлиги ҳақидаги хулоса бир овоздан маъқулланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу ҳимоя Фанлар академиясида чет элда фаолият кўрсатиб келаётган юқори малакали ватандош олимларни республикамиздаги янгиланиш жараёнларига жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг натижаси бўлиб, У.Халилов ва М.Юсуповлар 10 йилдан ортиқ чет элдаги илмий сафардан сўнг ЎзР ФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида ишлаш истагини билдиришди. Ҳозирда У.Халилов Институтда етакчи илмий ходим сифатида ўз фаолиятини бошлади.