Институт ходимлари "Best IP - 2021" танлови ғолиби бўлишди

29 Apr 2021

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ташкил этилган энг яхши интеллектуал мулк объектлари учун "Best IP - 2021" танловининг ғолиблар аниқланди.

Танловда қуйидаги номинациялар бўйича 100 дан ортиқ ишлар кўриб чиқилган:
- "Энг яхши ихтиро";
- "Энг яхши фойдали модел"
- "Энг яхши саноат намунаси"
- "Энг яхши ЭҲМ учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси"
- "Энг яхши селексия ютуғи объектлари"

"Best IP - 2021" танлови Махсус комиссиясининг қарорига кўра У.А.Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг металлургия соҳасида қўллашда долзарб бўлган ихтироси “Техник кремний ёки ферросилиций эритиш учун брикетланувчи шихтанинг кремнезем қисмида микрокремнеземнинг оптимал миқдорини аниқлаш усули”га олинган IAP 05998 патенти 2-ўринга лойиқ деб топилди.

Ихтиро муаллифлари – Абдураҳмонов Борис Маликович, Ашуров Хатам Бахронович ва Курбанов Миртемир Шодиевич.

Муаллифлар шихтадаги эритиш чиқиндиларининг улушини ошириш, эритиш жараёнининг нисбий энергия сиғимини пасайтириш технологиясини яратишди. Ихтиронинг бошқа аналогларидан фарқли томони шундаки, брикетланувчи шихтанинг кремнезем қисмида микрокремнеземнинг оптимал миқдори аниқланиб, чанг, газ ва микрокремнезем чиқиндилари ажралиши анча кам.

Танлов ғолиблари тегишли равишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари билан тақдирланишди.