Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Ўткир Хасанович Расулев 4 май куни 82 ёшида вафот этди.

4 Май 2021

Физикавий электроника соҳасида жаҳонда танилган йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Ўткир Хасанович Расулев 4 май куни 82 ёшида вафот этди.

Ўткир Расулев 1939 йилда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1956 йил Тошкентдаги 135-сонли мактабни олтин медаль билан тугатиб, шу йили Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга кирган. 1960 йилда илғор талабалардан бири сифатида Чехия техника Университетида ўқишни давом эттириб, 1961 йилда уни муваффақиятли тамомлаган.

Академик Ўткир Расулев 1969 йилда А.Ф.Иоффе номидаги Физика-техника институти (Россия, Санкт-Петербург ш.)да номзодлик диссертациясини, 1979 йилда эса докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, эмиссион электроникада мураккаб таркибли молекулаларнинг қаттиқ жисм сиртида ионлашишига оид янги йўналиш асосчиларидан бири бўлди. Унинг бу илмий йўналиши гетероген катализ, молекулалар физикаси, кимёвий физика, органик бирикмаларнинг физикавий кимёси, масс-спетрометрия ва газ таҳлили каби тадқиқот соҳаларини ривожланишига асос солди.

У 1981 йилда ЎзР ФА Электроника институтида янги “Материалларга электрон-ион ишлов бериш” (ҳозирда “Адсорбцион ва эмиссион ҳодисалар”) лабораториясини ташкил этди.

Ўткир Хасанович Расулев 1984 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси ва 1995 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги этиб сайланди.

У 1989-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми аъзоси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми Физика-математика фанлари бўлими раиси, 2006-2007 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-математика, техника фанлари бўйича вице-президенти лавозимида фаолият юритди.

Академик Ўткир Расулев 3 та монография, 500 дан зиёд илмий ишлар, 35 дан зиёд ихтиро ва патентлар муаллифидир. Унинг раҳбарлигида 1 та докторлик ва 16 та номзодлик ишлари ҳимоя қилинди. Ҳозирда академик Ў.Х. Расулевнинг шогирдлари дунёнинг барча нуқталарида, жумладан Россия, Америка, Бельгия, Германия, Япония, Исроил каби давлатларда илмий фаолият юритиб келмоқдалар.

Академик Ўткир Расулев фан ва илм соҳасидаги ютуқлари ва хизматлари учун 1988 йилда “Давлат мукофоти” 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда 2021 йилда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси томонидан 1 даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Академик Ўткир Расулев ўз меҳнат фаолиятининг асосий қисмини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Электроника (2012 йилдан - “Ион-плазма ва лазер технологиялари”) институти фаолиятига, уни ташкилий, моддий-техник ва илмий ривожлантиришга бағишлади. У 1985-2007 йилларда институт директори лавозимида, кейинчалик бош илмий ходим, илмий маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатди.

Ўткир Хасанович Расулев вафот этганлиги муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига институт жамоаси чуқур ҳамдардлик билдиради. Охиратингиз обод бўлсин Устоз!