Академик Ў.Х.Расулевнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган республика илмий анжумани бўлиб ўтди

27 октябрь 2019

2019 йил 23 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси  У.А.Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида академик Ў.Х.Расулевнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган “Физикавий электроника ва фотоника” мавзусидаги республика илмий анжумани ўтказилди.

Ўзбекистонда физика фанининг ривожланишига ўзининг катта ҳиссасини қўшган, физикавий электроника соҳасида жаҳонда таниқли олим ва кўп атомли органик ва биорганик молекулаларнинг қаттиқ жисм сиртидаги адсорбция ва ионлашув ҳодисасини аниқлаш ва улар асосида газ таҳлил асбобсозлигини ривожлантириш бўйича янги мактаб яратган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Ион-плазма ва лазер технологиялари институти бош илмий ходими Расулев Ў.Х. 80 ёшга тўлди.

Анжуманда физикавий электроника ва фотоника соҳасидаги билимларнинг ҳам фундаментал тадқиқотлар бўйича, ҳам амалий ишланмалар бўйича замонавий ҳолатини муҳокама этиш ҳамда нано- ва микроэлектроника, оптика, электроника, энергетика,  лазер технологияси соҳаларида устувор масалаларини ечиш учун фундаментал тадқиқотлар ютуқларини қўллаш мақсадида ушбу соҳанинг янада истиқболли йўналишларини аниқлаш кўзда тутилган эди.

Анжуман мавзуси физикавий электроника ва фотониканинг қуйидаги йўналишларини ўз ичига олди, булар:

  1. Атомлар ва молекулаларнинг қаттиқ юза билан ўзаро таъсири: адсорбция, электрон ва ион эмиссияси муаммолари, шунингдек уларнинг амалий жиҳатлари.
  2. Электроника ва энергетика учун янги технологиялар ва материаллар.
  3. Оптик ва фотоэлектрик ҳодисалар, яримўтказгичли материаллар ва нанокристалларнинг кенг доираси асосида наноструктураларнинг шаклланиши, оптик нурланишнинг конверсияси ва ўзаро таъсири.
  4. Лазер нурланишининг жисм билан ўзаро таъсири ва лазер технологияси.
  5. Наноструктурали материаллар олишнинг технология ва усуллари.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президумидан вакиллар, Россия Фанлар академияси Сибир бўлими А.В. Ржанов номидаги Яримўтказгичлар физикаси институти, Россиянинг лазер ва плазма институти, Тожикистоннинг Академик Б.Ғофуров номидаги Хўжанд давлат университети, ЎзРФА «Физика-Қуёш» ИИЧБ қошидаги Физика-техника институти, ЎзРФА «Физика-Қуёш» ИИЧБ қошидаги Материалшунослик институти, ЎзРФА Полимерлар кимёси ва физика институти, Қуёш энергияси халқаро институти,  ЎзР Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази олимлари ва мутахассилари ҳамда республиканинг йирик ОЎЮлари Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий университети, Қарши давлат университети, Андижон давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Термиз давлат университети, Урганч давлат университети, Мухаммад-ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Самарқанд давлат университети, Гулистон давлат университети Андижон машинасозлик институти, Фарғона политехника институти, Тошкент енгил саноат ва тўқимачилик институти профессор-ўқитувчилари, докторантлари, магистр ва талабалари иштирок этишди.   

Анжуманда физикавий-электроника ва фотоника соҳасида инновацион технологияларни ривожлантириш ва янги материаллар яратиш бўйича маърузалар тингланди. Наноструктурали материаллар олишнинг технология ва усуллари, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим муаммоларидан бўлган электроника ва энергетикаси учун янги материаллар олиш технологияси бўйича илмий ишлар муҳокама этилди. Фундаментал тадқиқотлар натижаларини амалий муаммоларни ҳал этишга қўллаш, адсорбция, электрон ва ион эмиссияси муаммолари, шунингдек уларнинг амалий жиҳатлари, лазер нурларининг моддалар билан ўзаро таъсири ва лазер технологияларини янада жадаллаштириш, оптик ва фотоэлектрик ҳодисалар, яримўтказгичли материаллар ва нанокристалларнинг кенг доираси асосида наноструктураларнинг шаклланиши, оптик нурланишнинг конверсияси ва ўзаро таъсири бўйича маърузалар кенг муҳокама қилинди.

Анжуманда муҳокама этилган янги илмий натижалар физикавий электроника ва фотоника йўналишларининг замонавий ҳолатини намоён этди. Анжуман ишида турли илмий марказлар олимларининг иштирок этиши физиканинг бу йўналишларидаги долзарб муаммоларини ҳамда халқаро ва регионал илмий-техникавий дастурлар доирасида турли мамлакатлар тадқиқотчиларининг ҳамкорлик қилиш имкониятларини аниқлашга имкон берди.